Европа Иттифоқи Туркия фуқароларига 2016 йил октябрига келиб визасиз тартибни тақдим этиши керак, акс ҳолда, Анқара Брюссель билан муҳожирлар бўйича тузилган келишувдан воз кечади. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Германиянинг Bild нашрига берган интервьюсида маълум қилди, дея хабар беради Meduza.
«Воқеаларнинг салбий ривожи ҳақида гапиришни истамасдим, чунки Евроиттифоқ билан музокаралар давом этмоқда. Бироқ гапнинг пўсткалласи шуки, ё барча келишувлар кучга киради ёки биз уларнинг барчасидан воз кечамиз», — дея таъкидлади Чавушўғли.
Евроиттифоқ билан визасиз тартиб Туркия ўзининг ҳудудидан кўҳна қитъага кирган қочоқларни қабул қилишга рози бўлган келишувнинг асосий шартларидан бири. Уни томонлар 2016 йил май ойида имзолади. Визасиз мақом тақдим этилиши учун Евроиттифоқ 72 банддан иборат талаблар рўйхатини ишлаб чиқди. Расмийларга кўра, ундаги қатор бандлар, биринчи галда аксилтеррор қонунчиликка оидлари Туркия томонидан бажарилмади.
Изоҳ (0)