Ҳиндистон шимолидаги Сринагар шаҳрида армия блокпостига жангарилар ҳужум қилди, деб ёзади «ТАСС» NDTV телеканалига таяниб. Оқибатда камида тўрт нафар ҳарбий хизматчи яраланди.
Ҳужум 15 август, душанба куни эрта тонгда содир этилди, жангарилар ҳарбийларни ўққа тутиб, сўнг яширинди. Телеканал фикрича, террорчилар шу тариқа Ҳиндистонда нишонланаётган Мустақиллик куни давлат байрами тантаналарини бузмоқчи бўлган.
Нашр эслатишича, аввалроқ Сринагар шаҳри пойтахти ҳисобланадиган Жамму ва Кашмир штатида варақалар тарқатилган, уларда жангарилар Мустақиллик кунини нишонламасликка даъват этган эди.
Жамму ва Кашмир штатида бир неча ҳафталардан буён кескин вазият ҳукм сурмоқда. 8 июль куни Ҳиндистон хавфсизлик кучлари «Ҳизб-ул-Мужаҳиддин» айирмачилар гуруҳи етакчиларидан бири Бурхон Музаффар Ванийни ўлдиргач, штатда оммавий тартибсизликлар бошланди.
Изоҳ (0)