25 йил аввал канадалик рассом эр-хотин ўз санъати ёрдамида кўчмас мулк учун етарли маблағ тўплай олмаслигини англаб етди. Шунда улар уни ўз қўллари билан барпо этишга қарор қилди, натижада боғ билан ўралган ноодатий орол уй пайдо бўлди, деб ёзади National Geographic.
Кэтрин Кинг ва Уэйн Адамс яратган орол уй «Эркинлик кўрфази» (Freedom Cove) деб ном олди. У Канаданинг Британия Колумбияси провинциясида жойлашди. Қайиқда энг яқин шаҳарга 45 дақиқада етиб бориш мумкин.
Уэйн барчасини нафақат ўз қўллари билан, балки электр асбоблардан фойдаланмаган ҳолда фақат арра ва болға ёрдамида қурди. Қуриш ишлари 1992 йилда бошланган бўлиб, эндиликда 12 та ўзаро бириккан сузувчи платформаларда ёрқин рангларга бўялган турар жой ва хўжалик бинолари, шунингдек, боғ, устахона, ҳайкаллар, бадиий галерея ва рақс майдончаси жойлашди. Бир метр майдон ҳам тежамкорлик билан ишлатилди, масалан, маёқ бир вақтнинг ўзида душ хонаси ҳамдир.
Эркинлик кўрфази экологик тоза ҳаётнинг мукаммал намунасидир: уй эгалари барча чиқиндиларни қайта ишлайди ва озиқ-овқат маҳсулотларини ўзлари етиштиради, сувни ёзда қирғоқдаги шаршарадан, қишда қор ва ёмғирдан олади, электр токи эса қуёш панеллари орқали олинади.
Эр-хотин ўз оролларида доимий яшаб, у ерда икки фарзандини катта қилди. Улар эсдалик совғалари ва санъат асарлари ясайди, китоб ва мусиқа ёзади, рақс тушади ва сайёҳлик бизнеси билан шуғулланади. Июндан сентябргача Эркинлик кўрфазига турлар уюштирилади; меҳмонлар манзаралардан баҳраманд бўлган ҳолда, жим-житликда яшаб кўриши, қайиқ ёки каякни ижарага олиши мумкин.
Кэтрин ва Уэйн табиат қўйнидаги ҳаётидан жуда мамнун. Албатта, йиртқичлар туфайли товуқ боқа олмаслик, сув қундузларидан конструкция яхлитлигига зарарлар етиши каби муаммолар уларнинг ҳаётида пайдо бўлиб туради, аммо бу табиатни ҳайвонот дунёси вакиллари билан бўлишиш учун тўланадиган мантиқий тўловдир.