Нефть нархи 12 август, жума куни ошишда давом этмоқда, деб ёзади «Корреспондент.net».
Brent маркасидаги нефтнинг октябрь фьючерслари Лондоннинг ICE биржасида Тошкент вақти билан 10:30 да 0,8 фоизга — баррелига 46,40 долларгача кўтарилди. WTI нефтининг сентябрь фьючерслари Нью-Йорк товар биржасидаги электрон савдолар чоғида бу вақтга келиб, 1,08 фоизга қимматлашиб, бир баррель учун 43,96 долларга етди.
Инвесторларнинг кайфиятига Саудия Арабистони нефть вазирининг гаплари таъсир қилди, деб ёзади нашр. Улар нефть ишлаб чиқарувчи йирик мамлакатлар ОПЕКнинг келаси ойда бўлиб ўтадиган мажлисида глобал бозорни барқарорлаштириш чораларини қабул қилишига умидни кучайтирди.
Аввалроқ Brent нефти, Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА)нинг 2017 йилда нефтга бўлган халқаро талаб ўсиши бўйича прогнози пасайганига қарамай, қимматлашгани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)