Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашувдан сўнг Россия президенти Владимир Путин яқин орада икки давлат ўртасида чартер авиақатнови тикланишини маълум қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
«Бу борадаги асосий вазифа турк томони Россия фуқаролари хавфсизлигини энг юқори даражада таъминлашидир ва биз шериклардан шундай кафолатларни олдик. Бунга боғлиқ ҳолда чартер авиақатнови тикланишини имкониятини ҳам кўриб чиқдик. Энди буёғи техник икир-чикирлар ва яқин муддат масаласи», — дея таъкидлади Путин ва олдинроқ Туркияга сайёҳлик йўлланмаларини сотишга тақиқ бекор қилинганини эслатиб ўтди.
Россия туроператорлари ассоциациясига кўра, Туркияга чартер авиақатновларига қўйилган тақиқни бекор қилувчи ҳукумат қарори яқин кунлар ичида қабул қилиниши кутилмоқда. Ассоциация ижрочи директори Майя Ломидзенинг таъкидлашича, биринчи чартер рейслари 15 августдан сўнг амалга оширилиши мумкин. Шундай бўлган тақдирда, Туркияга саёҳат нархлари 25—30 фоизга пасайиши мумкин.
Изоҳ (0)