Эрон олий суди АҚШдан қайтиб келган ядрочи олим Шаҳром Амирий «Ислом Республикаси душманлари» фойдасига айғоқчиликда айбланиб қатл қилинганини тасдиқлади. Бу ҳақда, ISNA агентлигига асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.
«У биринчи инстанция суди томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинди, ҳукм Олий суд томонидан тасдиқланди», — деди суд вакили.
Илгарироқ олимнинг қатли ҳақида унинг онаси маълум қилган эди.
39 ёшли тадқиқотчи 2009 йили Маккада, ҳаж пайти йўқолиб қолганди. Айрим манбаларга кўра, Амирий АҚШда яширинган ва Қўшма Штатларга муҳим маълумотлар етказган. Бошқа манбаларга кўра, уни саудияликлар ва америкаликлар ўғирлаб кетган. 2010 йили Амирий Покистоннинг АҚШдаги элчихонаси ёрдамида Эронга қайтишга муваффақ бўлганди.
Ватанида ядрочи олим аввалига қаҳрамон сифатида қутиб олинди. Бироқ кейинчалик Эронга душман давлат фойдасига жосусликда айбланиб, ҳибсга олинди ва 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Изоҳ (0)