Расмий Кремль Спорт арбитраж судининг (CAS) россиялик енгил атлетларнинг Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинларида иштирок этишига рухсат бермаслик ҳақидаги қароридан афсусдалигини билдирди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Албатта, Спорт арбитраж судининг бундай қароридан афсусдалигимни билдиришим мумкин, негаки бу барча спортчиларимиз, барча енгил атлетларимизга дахлдор, шу боис, бизнингча, жамоавий жавобгарликнинг жорий қилиниши бу вазиятда тўғри бўлмаса керак», — деди Кремль расмий вакили Дмитрий Песков журналистлар билан мулоқот чоғида.
«Янгиликлар унчалик яхши эмас, биз ҳали вазиятни таҳлилдан ўтказиб чиқишимиз лозим. Шу боис ҳозирча бошқа изоҳ бера олмайман», — қўшимча қилди у.
Бугун, 21 июль куни CAS Россия Олимпия қўмитасининг ва 68 нафар россиялик енгил атлетнинг апелляциясини рад этди. Улар Халқаро енгил атлетика федерациялари уюшмасининг (IAAF) россиялик спортчиларнинг Олимпия ўйинларида иштирок этишига қўйган тақиқини қайта кўриб чиқишни сўраган эди. Шу тариқа, россиялик енгил атлетлар Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинларида иштирок этмайдиган бўлди. Фақатгина Дарья Клишина ва Юлия Степанова бундан мустасно — IAAF илгарироқ уларнинг иштирокига рухсат берган эди.
Изоҳ (0)