Японияда 11–17 июль кунлари иссиқ уриши оқибатида 3099 киши шифохонага ётқизилди, 3 киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар ва алоқалар вазирлиги маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Қайд этилишича, бу кўрсаткич аввалги ҳафтага нисбатан 1791 кишига камроқ. Япониянинг баъзи ҳудудларига иссиқ ҳарорат бироз пасайди, аммо аксарият ҳудудларида ҳарорат Цельсий бўйича +30 ва ундан юқори бўлиб турибди.
Япония метеорология бошқармаси бу йил ёз Тинч океанидаги Эл-Ниньо ва Ла-Нинья иқлим феноменлари таъсирида ўта ҳароратли кечиши, июль охири ва август бошларида жазирама авжига чиқишини тахмин қилмоқда.
Ўтган йили мамлакатдаги жазирама туфайли 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлганди, яна 53 минг одам шифохонага етказилганди.
Метеорологлар одамларга пана жойларда бўлишни, қуёшдан сақлайдиган бош кийимларни кийиб, имкон қадар кўпроқ суюқлик истеъмол қилишни тавсия этмоқда.
Изоҳ (0)