Мисрнинг EgyptAir авиакомпаниясига тегишли, Ўрта Ер денгизига қулаган A320 самолёти борт ўзиёзари самолёт қулашидан аввал унд ёнғин юз берганлигини қайд этган. Бу ҳақда Миср тергов қўмитаси баёнотига таяниб Reuters маълум қилди, деб хабар бермоқда «РБК».
Бошқарма ёнғин сабаби ва у қаерда юз берганлигини маълум қилмади ҳамда хулоса қилишга ҳали жуда эрта эканлигини таъкидлади. Қўмита, шунингдек, қутқарувчилар самолёт йўловчилари жасадлари қолдиқлари қидирувини якунлаганлиги ва яқин вақт ичида улар ДНК таҳлили учун Қоҳирага етказилишини маълум қилди.
Аввалроқ Франциянинг Le Figaro нашри ҳалокатга учраган самолётнинг экипажи ёнғинни ўчиришга уринганлигини хабар қилган эди. Борт ўзиёзарларидан биридан маълум бўлишича, ёнғинни учувчилардан бири ўчиришга уринган.
Самолётнинг дум қисмида жойлашган ўзиёзардаги ёзув ҳаво кемаси 11 километр баландликда эканлигида узилиб қолган.
Эслатиб ўтамиз, Париждан Қоҳирага MS804 рейсини амалга ошираётган A320 самолёти Қоҳира аэропортига қўнишига тахминан 35 дақиқа қолганда, эндигина Миср ҳаво ҳудудига кирганда радарлар экранидан йўқолган эди.
Изоҳ (0)