Россия антидопинг марказининг 2016 йилнинг 17 июнидаги хати «Матч ТВ» телеканали ихтиёрига келиб тушди. Унда ёзилишича, «Краснодар» жамоаси футболчилари Одил Аҳмедов (Ўзбекистон) ва Рагнар Сигурдссоннинг (Исландия) допинг намуналари 2014 йил 18 август куни Антидопинг марказига бориб тушган, деб хабар бермоқда «РБК».
2014 йилнинг 20 август куни ўтказилган скрининг таҳлиллари Аҳмедовнинг намуналарида тақиқланган гексарелин моддаси бўлиши мумкинлигини кўрсатди, аммо унинг намунасида тақиқланган препарат борлигини аниқлайдиган таҳлил Одил Аҳмедовда гексарелин моддаси йўқлигини кўрсатди.
Шунингдек, 2016 йилнинг 17 июнь куни Россия антидопинг агентлиги (РУСАДА) мамлакат спорт вазири Виталий Мутконинг «Ростов» – «Краснодар» ўйинидан кейинги допинг-тест натижалари сўровига биноан жавоб йўллади. Унда қайд этилишича, Аҳмедов ва Сигурдссон намуналарида тақиқланган моддалар бўлмаган. Барча ҳужжатлар ва хатларнинг нусхаси «Матч ТВ»нинг расмий сайтида чоп этилди.
Россия спортидаги допинг муаммолари ҳақидаги ҳужжатли фильмни суратга олаётган Германиянинг ARD телаканали июнь ойи бошидаги лавҳасида Виталий Мутко «Краснодар» футболчиларининг ижобий допинг намуналарини яширишга ёрдам бераётганини айтган. Футболчиларнинг номи эса маълум қилинмаганди.
Россия спорт вазири ҳужжатли фильмда кўрсатилаётган маълумотлар ишончли эмаслигини таъкидлади.
Изоҳ (0)