Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти маълумотларига кўра, айрим мамлакатларда бир қатор хавфли юқумли касалликлар, хусусан, куйдирги, Қрим-Конго геморрагик иситмаси бўйича вазият мураккаб бўлиб турибди. Шу боис Ўзбекистонда санитария-эпидемиология муҳити барқарорлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар янада кучайтирилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, бош давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиев бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
— Куйдирги ва Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги қўзғатувчиларининг асосий манбалари чорва моллари ҳисобланади. Шу боис профилактика чора-тадбирларини аввало чорва моллари ўртасида ўтказиш, ветеринария пунктлари ва лабораторияларининг салоҳиятини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. Чорва молларини ўз вақтида ветеринария кўригидан ўтказиш, юқумли касалликларга қарши эмлаш йўлга қўйилган. Мол сўйиладиган замонавий кушхоналар, майдончалар барпо этилиб, улар зарур воситалар билан жиҳозланди. Сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш, истеъмолчига санитария талабларига мос ҳолда етказиш тизими шаклланган.
Чегара ҳудудларида фаолият юритаётган санитария назорати пунктларида четдан кириб келаётган хорижий фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Тиббиёт ходимлари ҳушёрлигини ошириш мақсадида жойларда малака ошириш машғулотлари, семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Бу жараёнда касалликнинг этиологияси, эпидемиологияси, диагностикаси, клиникаси, профилактика ва даволашнинг самарали усуллари юзасидан тажриба алмашилмоқда. Шифохоналарда бундай хасталикларни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш учун барча шароит яратилган.
Бундай муаммолар келиб чиқишининг олдини олиш ҳар бир инсондан тиббий маданият ва ўз саломатлигига эътиборли бўлишни талаб этади. Бунинг учун соғлом турмуш тарзига, санитария-гигиена қоидаларига тўла риоя этиш лозим. Уйларда қорамол боқишда молхоналарни тоза тутиш, гўнг ва бошқа чиқиндиларнинг йиғилиб қолиши оқибатида турли инфекцияларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик ҳамда дезинфекция, дезинсекция тадбирларини ўтказиш, ҳайвонларни йилига бир маротаба куйдирги касаллигига қарши профилактик эмлатиш, ҳайвонларда бирор-бир касаллик аломатлари кузатилганда дарҳол ҳудудий ветеринария хизматига мурожаат этиш даркор.
Бугунги кунда аҳолига бу борада қулайлик яратиш ва эпидемияга қарши тадбирларни ўз вақтида ташкил этиш мақсадида туманларда санитария-эпидемиология, ветеринария ходимлари, шифокорлар, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида махсус гуруҳлар тузилиб, улар хонадонларда чорва молларини кўрикдан ўтказиш, ҳудудларда санитария-эпидемиология ҳолатини барқарор сақлаш бўйича иш олиб бормоқда. Мобил телефонларга ўта хавфли юқумли касалликлардан ҳимояланиш бўйича SMS-хабар жўнатиш йўлга қўйилди. Оммавий ахборот воситаларида мутахассисларнинг чиқишлари, махсус кўрсатув, эшиттиришлар ташкил этилмоқда. Бинобарин, ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ.