Ҳиндистоннинг Рожастҳон штатида юз берган икки йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида камида 24 киши қурбон бўлди, яна 55 киши жароҳат олди. Бу ҳақда, Doordarshan телеканали маълумотига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Биринчи ҳодиса Бандора шаҳрининг Бхилвара округида 7 июль, пайшанбага ўтар кечаси содир бўлди. 50 дан ортиқ кишини олиб кетаётган тиркамали трактор паст-баланд йўлда шағал ортилган юк машинаси билан тўқнашиб кетди. Оқибатда 13 киши ҳалок бўлди, 40 киши жабрланди.
Иккинчи йўл-транспорт ҳодисаси 7 июль куни тонгда Сирохи округида юз берди. У ерда юк машинаси билан тўқнашиб кетган автобус ағдарилиб кетди. Ҳодиса оқибатида 11 киши қурбон бўлди, 15 киши жабрланди.
Расмий статистикага кўра, Ҳиндистонда ҳар куни авариялар оқибатида йўлларда 400 киши ҳалок бўлади, йилига эса 150 мингга яқин киши ЙТҲ қурбонига айланади.