Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг Николай Асеев шеърига ёзилган янги қўшиғи видеоклипи YouTube’га жойланди, деб ёзади «РИА Новости».
Ўтган дам олиш кунлари интернетда Атамбаевнинг муаллифлик қўшиғига ишланган биринчи видеоклип пайдо бўлган эди. Бир кеча-кундузда клипни 50 мингдан зиёд киши томоша қилди.
Қирғизистон президенти матбуот хизмати маълум қилишича, Атамбаев сентябрда нишонлайдиган 60 йиллик юбилейи муносабати билан қариндош ва яқинларига бағишлаб жами бешта қўшиқ ёзган.
17 сентябрь куни Алмазбек Атамбаев 60 ёшни қарши олади. Сиёсатчи доим адабиёт билан ҳамнафас бўлиб келган. 1983 йилдан буён у Собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлган. Айни пайтда у Қирғизистон Ёзувчилар бадиий фондини бошқаради. 2017 йилда президентлик муддати тугагач, Атамбаев ўзини ижодий фаолиятга бағишламоқчи.