Беш нафар боласи билан кўчада қолган қозоғистонлик 40 ёшли Эльмира Жасибаева Павлодарда янги уйга кўчиб ўтди. Бу ҳақда Tengrinews хабар бермоқда.
Июнь ойи бошида, Рамазон аввалида носоз электр тармоғи туфайли хонадони култепага айланган ва ҳужжатларидан бўлак ҳеч нарсаси қолмаган кўп болали онага янги уйни павлодарлик тадбиркорлар тортиқ қилди. Улар ўзларини ошкор этмасликни маъқул кўрган.
«Бирини Александр, иккинчисини Руслан деб аташларини эшитдим. Иккови ҳам маҳаллий тадбиркорлар. Улар менга ҳамма қулайликларга эга уй совға қилишди. Бошқа бу инсонлар ҳақида ҳеч нарса билмайман. Бу уйга кўчиб келгунча аввал дугонамникида, кейин синглимникида бир хонада яшадик. Ўзимнинг бошимга тушган кўргуликлар мисолида дунёда яхши одамлар кўплигига амин бўлдим», — дейди Эльмира Жасибаева.
Павлодарлик волонтёрлар ижтимоий тармоқ орқали ёрдам уюштиришнинг уддасидан чиқди. Одамлар кулфатда қолган оилага музлатгич, электр плитаси, уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, ўйинчоқлар, маблағ билан кўмак берди. Энди кўп болали она уларнинг барчасини янги уйига таклиф этиш ниятида.