Америкалик актёр Леонардо Ди Каприо буюк шоир ва мутафаккир Жалолиддин Румий ролини ижро этиши ҳақидаги янгилик Эрон кино мухлислари ва танқидчиларини ғазаблантирди. Бу ҳақда Al-Monitor хабар бермоқда.
«Ғарб продюсерлари Шарқ мистицизмини яхши тушунадими? Улар ‘Маснавий’нинг мағзини чақа оладими? Умуман, улар тушуниш даражасига ета оладими? Афсуски, жавоб салбийдир», — деди эронлик кинотанқидчи Ризо Сиддиқ.
Twitter фойдаланувчилари Ди Каприонинг бу ролга танланиши муносабати билан ўз норозиликларини #RumiWasntWhite («Румий оқ бўлмаган») ҳештеги орқали билдирмоқда. Шунингдек, улар Румийнинг устози — Шамс Табризий образини Кичик Роберт Дауни гавдалантираётганидан ҳам норози.
«Шарқ одамларини террорчилар ролига таклиф этишга улар доимо шай. Лекин нега оқ инсон Румийдан афсонавий шахс ролини ижро этмоқда?», — дейди фойдаланувчи Илваъд Исса.
«Ростини айцам, Голливуд этник қаҳрамонларни ‘оқлаш’ билан шуғулланаётганидан чарчадим. Лео Румий вакили бўлган одамларнинг вакили эмас», — фикр билдирди яна бир фойдаланувчи Далиа.
Румий ролини оқ танли актёр ижро этишига қарши онлайн петиция шу пайтга қадар 14 минг имзо тўплади.
Ушбу қоралаш кампаниясининг танқидчилари ҳам бор.
«#RumiWasntWhite — интернетда содир бўлган энг аҳмоқона нарса», — деди фойдаланувчилардан бири Саиф.
Румий ҳақидаги фильм съёмкалари қачон бошланиши маълум эмас. Сценарий устида «Гладиатор» ва «Амистад» картиналари муаллифи Дэвид Францони ишламоқда. Фильм Голливуд ва Туркиянинг қўшма лойиҳасидир.
Изоҳ (0)