АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Майкл Макфол Владимир Путинни Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқиши ҳақидаги референдум «ғолиби» деб атади. Бу ҳақда у ўз Twitter’ида ёзди, дея хабар қилади «РБК».
«Brexit бўйича овоз беришдан ҳайратдаман! Мағлуб бўлганлар: кучли, ягона, демократик Европанинг фойдалилигига ишонадиган Евроиттифоқ, Буюк Британия, АҚШ. Ғолиблар: Путин», — деб ёзди Макфол.
Макфол, шунингдек, Путинни, Россия ташқи ишлар вазирлигини, бош вазир ўринбосари Дмитрий Рогозинни ва Давлат думасининг халқаро масалалар қўмитаси бошлиғи Алексей Пушковни «буюк ғалаба» билан қутлади.
Россия етакчиси, Макфол фикрича, овоз бериш натижалари учун жавобгар эмас, бироқ улар унинг Европадаги узоқ муддатли мақсадларига мувофиқ келади. «Путин айбдор эмас! Кэмерон айбдор. Путин шунчаки ғолиб бўлди», — дея қайд этди Макфол.
23 июнь, пайшанба куни Бирлашган Қиролликда мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзолиги масаласида референдум бўлиб ўтди. Евроиттифоқдан чиқиш учун британияликларнинг қарийб 52 фоизи овоз берди, аҳолининг 48 фоизи бунга қарши чиқди.
Изоҳ (0)