2016 йилнинг 20 июнь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Ўзбекистондаги давлат органлари ходимлари учун бизнес-жараёнларнинг реинжиниринги бўйича тренинг бошланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тренинг ишида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш Маркази, «UNICON.UZ» ДУК ҳамда Uzinfocom Маркази ходимлари иштирок этмоқда.
Саккиз кун давом этадиган тренингни Корея ахборот жамиятини ривожлантириш институтининг халқаро эксперти Минжу Но ўтказмоқда. Тренинг давомида давлат органлари ходимлари бизнес-жараёнларнинг реинжиниринги бўйича билим олади.
Мазкур билимлар аҳоли ва бизнесга давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш, хизматлар рақамлаштирилиб, Ягона интерактив давлат хизматлари портали платформасига киритилгунга қадар идоралараро ўзаро алоқаларни яхшилаш учун зарур ҳисобланади. Реинжинирингни ўтказиш мажбурий чора ҳисобланиб, эскирган ва самарасиз жараёнларга АКТни татбиқ этишга кетадиган харажатларни тежаб қолиш имкониятини беради.
Тренинг давомида қатнашчилар бизнес жараёнларидаги реинжиниринг бўйича ўз малакаларини қуйидаги давлат хизматларида синаб кўришлари мумкин: бизнесни рўйхатга олиш, кўчмас мулкни рўйхатга олиш, кўчмас мулк олди-сотдиси, даромадлар тўғрисида солиқ декларациясини тақдим этиш ва дарахтларни кесишга рухсат олиш. Тренинг қатнашчилари беш гуруҳга (давлат хизматларига қараб) ажратилган бўлиб, уларнинг ҳар бирига таҳлилчилар, ҳуқуқшунослар, АКТ ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассислар киритилган.
Тренинг якунида иштирокчилар хизмат кўрсатиш бўйича ўзларининг оптималлаштирилган талқинларини тақдим этади, уларнинг натижаларига кўра қонунчилик базаси ва инфратузилмани такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар киритилади.
Изоҳ (0)