Аргентина президенти Маурисио Макри тиззасидан олган жароҳати туфайли жарроҳлик столига ётади, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Давлат раҳбари травматолог Хорхе Батиста кўригидан ўтди. Унда жароҳат аниқланди ва керакли муолажа белгиланди», – дейилади президентнинг матбуот хизмати хабарида.
Давлат раҳбари вакилларининг қайд этишича, жароҳат унинг президентлик вазифаларини бажаришига халал бермайди. Шунга қарамай, Макри Буэнос-Айрес яқинидаги шаҳарчада полиция академияси кадетларининг қасамёд маросимида иштирокини бекор қилди.
Маурисио Макри 20 июнь куни шаҳар ташқарисидаги қароргоҳида теннис ўйнаган вақтида пайларини чўзиб олганди.
Шу йилнинг ўзида 57 ёшли Аргентина президенти бир неча бор шифокорлар ёрдамига мурожаат қилган. Январь ойида қизи билан ўйнаган Макри қовурғасини шикастлаган, июнь ойи бошида эса у юракнинг нотекис уриши ташхиси билан шифохонага етказилганди.
Изоҳ (0)