Туркия иқтисод вазири Ниҳат Зейбекчи Туркия Россия бомбардимончи самолёти уриб туширилиши билан боғлиқ ҳодисадан афсусланмаслиги, балки «қайғураётганлиги»ни маълум қилди. Бу ҳақда, Hurriyet Daily News маълумотига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Биз афсусда эмасмиз, бироқ қайғурмоқдамиз. Улар (Россия томони) ҳам бунинг учун қайғуриши лозим. Биз уларнинг ҳам Туркия ҳаво ҳудудини қасддан бузганлиги учун таъби хира бўлган деб тахмин қилмоқдамиз», — деди вазир.
Зейбекчининг сўзларига қараганда, ушбу вазиятда Россия ноҳақ бўлган, чунки унинг самолёти учувчи кўп марта огоҳлантирилганлигига қарамасдан, 13 ёки 14 дақиқа давомида Туркия ҳаво ҳудудида бўлган.
Вазирнинг таъкидлашича, Москва ва Анқара ўртасидаги можаро ҳар иккала томон учун салбий оқибатларни келтириб чиқарган ва ушбу вазиятдан чиқишнинг энг маъқул йўли муносабатларни имкони борича тезроқ изга солишдир.