КХДР ҳукумати мамлакат тарихида биринчи йирик авиашоу ўтказилиши муносабати билан ёрқин байрамона дастурни тайёрлади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Авиашоу мамлакат шарқидаги Вонсан курорт шаҳрида 24—26 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Тайёрлов қўмитаси раисининг ўринбосари Ли Син Релнинг журналистларга маълум қилишича, намунали чиқишларда ҳарбий ва фуқаролик самолётлари қатнашади. Тадбирни ташкил этишга чет эллик экспертлар ёрдам кўрсатмоқда.
Тадбир ташкилотчилари сайёҳларнинг катта оқимини кутмоқда. Шоу дастурида бадиий жамоаларнинг концертлари, спортчиларнинг, жумладан, таэквондо мураббийларининг кўргазмали чиқишлари, шунингдек, пиво фестивали кўзда тутилган. Пхеньян ёзги клуби вакиллари учиш қурилмаларининг радио бошқарув моделлари парвозини намойиш этади. Томошабинлар Шимолий Кореянинг Air Koryo авиакомпанияси самолётларида парвоз қилишлари мумкин.
Ҳукумат, шунингдек, Япон денгизи соҳилида мушакбозлик уюштиришга ваъда бермоқда.
Изоҳ (0)