АҚШнинг Флорида штатида 9 июнь, пайшанба куни ҳакамлар ҳайъати калифорниялик аёлни Хитойга F-35, F-22 ва F-16 қирувчи самолётлари двигателлари, учувчисиз учар қурилма ҳамда Америка қурол-яроғлари ҳақидаги техник маълумотни ноқонуний етказиш мақсадида тил бириктиришда айбдор деб топди. Бу ҳақда, АҚШ Адлия вазирлиги маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 45 ёшли Венся Ман Флорида Жанубий округи федерал ҳакамлари томонидан реактив қирувчи самолётлар двигателлари, шунингдек, учувчисиз учар қурилма ва улар билан боғлиқ техник маълумотларни Хитой Халқ Республикасига етказиш ҳақида жиноий тил бириктириб, қурол-аслаҳалар экспортини назорат қилиш ҳақидаги қонунни бузишда айбдор деб топилган.
Хусусий фирмани бошқарган Венся Ман «Хитой давлати номидан қурол-яроғ, ўқ-дори ва ҳарбий таъминот предметларини қўлга киритиш билан шуғулланувчи хитойлик агент билан ҳарбий техникани ноқонуний етказишни» муҳокама қилган. Венся Манга нисбатан 2014 йилнинг августида айблов эълон қилинган эди.
Америкалик аёлга нисбатан 20 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси таҳдид солмоқда. Маҳаллий суд жазо чорасини 19 август куни белгилайди.
Изоҳ (0)