Бортида портловчи ускуна борлиги эҳтимоли сабаб Урганч аэропортига фавқулодда қўнган Мисрнинг EgyptAir авиакомпаниясига тегишли А-330-220 лайнери Пекинга учиб кетди. Бу ҳақда, Миср расмийларига асосланиб, Associated Press агентлиги хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, номаълум шахс Қоҳира аэропорти хавфсизлик хизматига қўнғироқ қилиб, Қоҳирадан Пекинга учаётган самолёт бортида портловчи ускуна борлигини айтган. Шундан сўнг Миср томони зудлик билан самолёт билан боғланиб, энг яқин аэропортга қўниш ҳақида кўрсатма берган.
Исми ошкор этилмаган Миср расмийларининг Associated Press’га маълум қилишича, самолёт изчил текширувдан ўтказилган ва унинг бортидан портловчи ускуна топилмаган. Қўнганидан тўрт соат ўтиб, лайнер Урганчдан Хитой пойтахтига учиб кетган.
Аввалроқ Ўзбекистон авиация расмийлари бортида портловчи ускуна мавжудлиги эҳтимоли муносабати билан EgyptAir самолётидан фавқулодда қўниш ҳақида илтимос олгани, самолёт Урганчга қўндирилгани ва унинг бортидаги 135 киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)