Туркия жануби-ғарбий қирғоқларидаги Кушадаси курорт-шаҳри расмийлари сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун Airbus A300 самолётини чўктирди. Мазкур самолёт мамлакатда сунъий қоялар яратиш учун фойдаланиладиган энг катта ҳаво кемаси бўлади. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Мазкур лойиҳанинг мақсади Кушадаси яқинида сувости дунёси ранг-баранглигини ошириш ва дайвингни ривожлантиришдан иборат эканлиги айтилмоқда. Шаҳар расмийлари янгилик йилига қўшимча 250 минг нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳни жалб этишини кутмоқда.
Узунлиги 54, қанотларининг узунлиги 44 метр бўлган ҳисобдан чиқарилган самолёт шаҳар ғазнасига 91 минг долларга тушди. Ҳаво кемасини чўктириш махсус техника ва ғаввослар ёрдамида амалга оширилди ва 2,5 соат атрофида вақт олди.
Airbus A300 дайвингни ёқтирадиган сайёҳларни қизиқтириш учун Туркия сувларига чўктирилган биринчи самолёт эмас. Ҳаво кемалари кўринишидаги сунъий қоялар Анталия, Кемер ва Дюзже қирғоқларида ҳам бор, бироқ уларнинг барчаси кичик ўлчамда эди.
Изоҳ (0)