НАТО қўшинлари 6 июнь, душанба куни Baltops 2016 машғулотларининг денгиздаги босқичи доирасида илк бор альянс аъзоси бўлмаган Финляндия ҳудудига киради. Уч кун давомида ҳарбийлар Ханко ярим оролидаги Сюндален полигонида десант туширилиши, шунингдек, жанговар ҳаракатларни машқ қилади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Baltops Балтика денгизидаги ҳар йили ўтказиладиган йирик ҳарбий машғулотлар бўлиб, бу сафар 3 дан 19 июнгача давом этади. 44-бор ўтказилаётган машғулотларда Финляндия йигирма йилдан бери иштирок этиб келади, бироқ улар биринчи марта мамлакат ҳудудида бўлиб ўтмоқда. Финляндиядан сўнг машқлар тўрт кунга Швециянинг (мазкур мамлакат ҳам НАТОга аъзо эмас) Стокгольм архипелагидаги Уто оролига кўчади.
Илк бор Baltops олис шимолда ўтмоқда. Денгиз, ҳаво ва қуруқликдаги ҳаракатларда 4500 нафар ҳарбий, 50 кема ва 60 самолёт иштирок этади.