Россиянинг Красноярск ўлкасида беш ёшли болакай отасига тегишли милтиқдан етти ёшли акасини тасодифан отиб қўйди. Бу ҳақда Россия ИИВ ўлка бошқармаси матбуот хизмати вакили Артём Кишкурин маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
«Дудинка шаҳридан 300 километр узоқликда, Нум-Яха манзилида бахтсиз ҳодиса содир бўлди. 33 ёшли эркак овдан келиб, ўқлаб қўйилган қуролини чанада қолдиргани, кичик ўғли эса уни топиб олиб, тасодифан акасини отиб қўйганини рация орқали хабар берди. Олинган жароҳатлар оқибатида бола оламдан ўтди», — дея таъкидлаган Кишкурин.
Тергов-тезкор гуруҳининг ҳодиса жойига вертолётда учиши масаласи ҳал этилмоқда. Қуруқлик орқали Нум-Яхага боришнинг имкони йўқ, Таймирда муз кўчиши давом этаётгани сабабли посёлкага олиб борадиган барча йўллар сув остида қолган.