Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Ақтўбе шаҳридаги вазиятни «назоратида ушлаб турибди». Бу ҳақда мамлакат бош вазири Карим Масимов маълум қилди, деб хабар беради «РИА Новости».
«Давлат раҳбари бу масалани назоратида ушлаб турибди. Куч тизимлари операцияни охирига етказиши зарур. Барча давлат идоралари тегишли чораларни кўриши зарур, кейинчалик шунга қараб хулоса чиқарамиз. Қаердадир йўл қўйган хатоларимиз борлиги кўриниб қолди, демак, бутун бошли чора-тадбирлар мажмуини қабул қилишимиз талаб этилади. Мен давлат раҳбари топшириғига кўра бу масалани ўзимнинг шахсий назоратимга оламан», — таъкидлади бош вазир 6 июнь, душанба куни Остонадаги ҳукумат мажлисида.
Қозоғистон ИИВ маълумотларига кўра, ҳозирда Актюбинск вилоятида жиноятчиларни қидириш ва қўлга олиш бўйича ҳаракатлар давом этмоқда. Мамлакат ички ишлар идораларининг шахсий таркиби кучайтирилган хизмат тартибига ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ақтўбе шаҳрида 6 июнь, душанбага ўтар кечаси амалга оширилган аксилтеррор операцияси давомида беш нафар экстремист йўқ қилингани, яна икки нафари қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.