Швейцариянинг Обервиль-Лили коммунасида яшовчи аҳоли квота бўйича ўн нафар муҳожирни қабул қилишдан бош тортди. Бу ҳақда, The Independent нашри маълумотига таяниб, «Интерфакс» хабар беради.
Ушбу масала бўйича референдум ўтказилганда аҳолининг 52 фоизи муҳожирларни қабул қилишнинг ўрнига 263 минг еврога яқин жаримани тўлашга тайёр эканлигини маълум қилди.
Нашрнинг эслатиб ўтишича, курорт қишлоқчасида истиқомат қилувчи 2 200 нафар одамнинг 300 га яқини миллионердир.
Обервиль-Лили мэри бу ҳолат бошқа миллатдаги одамларга нисбатан нафрат билан боғлиқлигини инкор этди.
«Бизга бу ўн нафар қочоқ Суриядан ёки бошқа мамлакатлардан келган иқтисодий муҳожир эканлигини маълум қилишмади. Тўғри, суриялик қочоқларга ёрдам бериш керак. Бироқ уйидан узоқ бўлмаган лагерларда бу ёрдамни олиш улар учун яхшироқ бўлса керак», — деди маҳаллий маъмурият раҳбари.
Швейцария ҳукумати квота бўйича 50 минг муҳожирни қабул қилиши лозим.
Изоҳ (0)