Россиялик Александр Поветкин Бутундунё бокс кенгаши (WBC) версияси бўйича жаҳон чемпиони унвони учун курашишини билдирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Мельдоний ман этилганда уни истеъмол қилмай қўйгандим. У инсон организмидан қанчада чиқиб кетиши охиригача ўрганилмаган. Биз бу унвон ва бу жанг учун курашишда давом этамиз», — дея таъкидлаган Поветкин.
Допинг-тестида 70 нанограмм мельдоний топилгани учун россиялик боксчининг америкалик Деонтей Уайлдерга қарши 21 май куни бўлиб ўтадиган жанги номаълум муддатга қолдирилганди. Уайлдер вакиллари жанг бекор қилингани учун 4,6 миллион доллар товон пули талаб қилишини маълум қилган. Кейинроқ WBC Уайлдер – Поветкин жанги қолдирилгани учун америкалик боксчи ихтиёрий ҳимоя жангини ўтказиши кераклигини таъкидлади.
Александр Поветкин WBC чемпионлик камарига мажбурий даъвогар саналади. У ташкилотнинг супероғир вазн тоифаси рейтингида биринчи ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, Поветкиннинг «Б» допинг намунасида ҳам мельдоний борлиги аниқланди.
Изоҳ (0)