Қозоғистонда енгил ателтика бўйича ўтказилган мамлакат Очиқ Кубогида ўзбекистонлик Нигина Шарипова Рио–2016 Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун белгиланган меъёрни бажарди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
100 метр масофага югуриш секторида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Нигина Шарипова саралаш босқичида 11,35 сония қайд этиб, мусобақанинг финал босқичига чиқди. Финал босқичда у ўз натижасини янада яхшилашга муваффақ бўлди. Нигина белгиланган масофани 11,31 сонияда босиб ўтди ва Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун белгиланган 11,32 сониялик меъёрни бажарди.
Бухоро енгил атлетика мактаби тарбияланувчиси Нигина Шарипованинг йўлланмаси ўзбекистонлик енгил атлетикачилар томонидан Рио–2016 Олимпиада ўйинларига қўлга киритилган ўнинчи йўлланма бўлди.
Бунга қадар ўзбекистонлик енгил атлетикачилардан Ситора Ҳамидова (марафон – 42 195 ва 10 000 метр, иккита йўлланма), Светлана Радзивил (баландликка сакраш), Сухроб Хўжаев (босқон улоқтириш), Марина Хмелевская (марафон – 42 195 метр), Бобур Шокиржонов (найза улоқтириш), Екатерина Воронина (еттикураш), Андрей Петров (марафон) ва Надия Дусанова (баландликка сакраш) Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун белгиланган меъёрларни бажарган.
Шундай қилиб, ўзбекистонлик спортчилар томонидан Олимпиада ўйинларига 11 та спорт федерациясининг 14 та спорт туридан жами 52 та йўлланма қўлга киритилди. 52 та Олимпиада йўлланмалари бўйича 55 нафар ўзбекистонлик спортчи Рио—2016 Олимпиадасида иштирок этади. Ситора Ҳамидова (енгил атлетика) ва Раънохон Аманова (сузиш) иккитадан йўлланмага эга. Байдарка ва каноэда эшкак эшиш ҳамда бадиий гимнастика спорт турларида ўзбекистонлик спортчилар жамоавий баҳсларда қатнашади.
Изоҳ (0)