Тошкентнинг Янги Сергели кўчасида 21 май куни 38-йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган Mercedes-Benz Conecto Low Floor автобуси ва Matiz автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда Matiz ҳайдовчиси Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳида хабар қолдирган.
Маълум бўлишича, Matiz’нинг орқа чап эшиги очилган вақтда давлат рақам белгиси 01 819 XBA бўлан автобус енгил автомобилни уриб юборган. Фотохабар остидаги муҳокамаларда Matiz ҳайдовчиси айб ўзида эканлигини тан олгани ҳолда, автобус жуда тажовузкор ҳаракатлангани, тўқнашувдан сўнг автобус ҳайдовчиси унинг қўлини қайириб олганини ёзган.
Гуруҳ фойдаланувчилари Matiz ҳайдовчиси ўз айбини тан олгани учун уни олқишлаган, айни вақтда, эшикни ҳаракатнинг бошқа қатнашчиларига халал бермасликка ишонч комил бўлганидан сўнггина очиш кераклигини уқтирган. Шунингдек, аксарият фойдаланувчилар йўлларда автобусларнинг тартибсиз ҳаракатланишидан норозилик билдирган.
Изоҳ (0)