Google компанияси картиналарни рақамли шаклга айлантириб, уларни бир гигапикселли сурат сифатида сақлаш қобилиятига эга махсус Art Camera фотокамерасини тақдим этди, дея хабар бермоқда TJournal.
Авваллари битта тасвирий санъат асарини рақамлаштиришга суткалаб вақт кетган бўлса, энди бир метрга бир метрлик картинани сканерлаш вақти ярим соатгача қисқарди.
Art Camera’дан фойдаланишда картинани девордан олиш керак бўлмайди. Объектив тўғри сурат қаршисига ўрнатилади, оператор камерага ишлов бериладиган ҳудудни кўрсатади ва унинг бурчакларини белгилаб қўяди, камера эса картинани жуда кучли тарзда катталаштирган ҳолда суратга олишни бошлайди. Сўнг олинган кадрлар Google серверларига юборилади, у ерда дастур бир неча соат давомида уларни бир бутун қилиб бириктиради.
Google ихтиёрида бундай камералардан жами 20 та бўлиб, улар фойдаланиш учун бепул берилади, бу коллекцияларни рақамлаштириш суръатларини ҳам оширади, чунки лойиҳада иштирок этиш истагида бўлганлар кўпайиб бормоқда.
Изоҳ (0)