Англия чемпионатининг сўнгги 38-туридан ўрин олган «Манчестер Юнайтед» – «Борнмут» учрашуви «Олд Траффорд»нинг Шимоли-Ғарбий қисмидаги секторларидан бирида топилган шубҳали пакет туфайли ўз вақтида бошланмади. Бу ҳақда манкунианларнинг Twitter’даги расмий саҳифасида маълум қилинди.
Полиция ходимлари стадионни кўздан кечириб, мухлисларни эвакуация қилган. Полиция хизматининг тавсиясига кўра, бугунги учрашув бекор қилинди ва номаълум муддатга қолдирилди.
«‘Манчестер Юнайтед’ – ‘Борнмут’ учрашуви стадионда шубҳали буюм топилганидан сўнг полиция хизматининг тавсиясига кўра қолдирилди. Мухлислар ва стадион ходимларининг хавфсизлигини биринчи ўринга қўйган ‘Манчестер Юнайтед’ ва Премьер-лига ўйинни бекор қилгани тўғри иш бўлди. Премьер-лига учрашувни ўтказиш муддатини имкон қадар тез муҳлатда белгилаб, бу ҳақда мухлисларга маълум қилади. Мухлисларга туғдирилган ноқулайликлар учун узр сўраган ҳолда, учрашув уларнинг хавфсизлиги учун бекор қилинганини тушунади, деган умиддамиз», – дейилади Премьер-лиганинг Twitter’даги расмий саҳифасида.
Қайд этиш жоиз, «Манчестер Юнайтед» – «Борнмут» учрашуви Тошкент вақти билан 19:00 да бошланиши режалаштирилган эди.
Изоҳ (0)