Axis Communications компаниясининг делегацияси жорий йилнинг 11 май куни ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этиш учун Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига (IUT) ташриф буюрди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берди.
Axis Communications бош қароргоҳи Швецияда жойлашган бўлиб, у дунёнинг видеокузатув ечимлари бозори етакчисидир. Ушбу компания 1996 йилда илк IP видеокамерани ишлаб чиқарган.
Делегация таркибида компаниянинг Россия ва МДҲ мамлакатларида сотувлар бўйича директори Дмитрий Стрельцов, Марказий Осиё мамлакатларида стратегик лойиҳалар раҳбари Думан Дуйсенбаев ва ABRIS компаниясининг маркетинг директори Бахтиёр Қосимовлар бор эди.
Делегацияни IUT ректори Шерзод Шерматов қабул қилди. Музокаралар вақтида томонлар IUT ва Axis Communications компаниялари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш истиқболларини муҳокама этди.
Швеция компанияси вакилларининг таъкидлашича, улар таълимга катта аҳамият беради ва турли таълим дастурларини таклиф этади.
Дмитрий Стрельцов IUT’да Axis Communications’нинг ечимларини тақдим этувчи махсус ҳудуд тузиш ҳамда талабалар ва видеокузатув соҳаси мутахассислар учун ўқув семинарлари ва тадбирлар ўтказишни таклиф қилди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни белгилаб берувчи «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олди.
Изоҳ (0)