Тошкент шаҳрида болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган Осиё чемпионати якунига етиб, ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Халқаро гимнастика федерацияси ва Осиё гимнастика уюшмаси шафелиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур қитъа чемпионатида Осиёнинг етакчи спортчилари ғолиблик учун кураш олиб борди.
Уч кун давом этган мусобақаларда шахсий ва гуруҳлар ўртасида кўпкураш ва алоҳида предметлар ёрдамида машқ бажариш бўйича баҳслар ўтказилди. Шахсий ҳисобдаги кўпкураш баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Елизавета Назаренкова кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, у алоҳида предметлар – булавада машқ бажаришда кумуш, тўпда ва ҳалқада машқ бажаришда бронза медалларни қўлга киритди.
Осиё чемпионатида, шунингдек, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Қозоғистон гимнастикачилари ҳам ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Энди ушбу спорт мактабида 13–15 май кунлари бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи ҳамда Happy Caravan халқаро турнири ўтказилади.
Изоҳ (0)