Twitter компанияси АҚШ махсус хизматларига барча твитларни «титкилаб», керакли сўзларни танлаб оладиган таҳлилий сервисга киришни ёпиб қўйди. Мазкур қарор ҳақида расман эълон қилинмади, бироқ махсус хизматлардаги манба ушбу маълумотни тасдиқлади, деб хабар беради «Интерфакс».
Хизмат Twitter томонидан тўғридан-тўғри тақдим этилмайди, бу билан маълумотларни текшириб, тайёрланаётган терактлар, тартибсизликлар ва бошқа муҳим воқеалар ҳақида хабар берадиган Dataminr хусусий компанияси шуғулланади. Dataminr Twitter ўз контентига кириш ва олинган маълумотларни сотишга рухсат берган ягона компания саналади, унинг 5 фоиз улуши Twitter’га тегишли.
Компания Dataminr қай тарзда икки йил мобайнида махсус хизматларга маълумотларни пуллаб келгани ва нима учун ўрталаридаги ҳамкорлик тўхтаганига изоҳ беришдан бош тортди. Twitter раҳбарияти анчадан бери давлат хизматларига ахборот тақдим этмаслик сиёсатига амал қилиб келади ва контентининг катта қисми шундай ҳам очиқ эканлиги, махфий хизматлар уларни эмин-эркин кузатиб, тизимлаштириши мумкин, деб ҳисоблайди.
Изоҳ (0)