Японияда 15 ёшгача бўлган вояга етмаганлар сони 1950 йил — бундай статистика юритила бошлаганидан буён энг паст кўрсаткичга тушиб қолди, деб ёзади «ТАСС». Бу ҳақда Япония маъмурий масалалар ва коммуникациялар вазирлиги мамлакатда 5 май, пайшанба куни нишонланадиган Болалар куни муносабати билан эълон қилган ҳисоботда айтилади.
Ушбу маълумотларга кўра, Япониянинг 127 миллионлик аҳолисининг 16 миллиондан сал ошиғи 15 ёшдан кичик бўлган вояга етмаганлардир. Уларнинг сони бир йилда 150 минг кишига камайди. Айни пайтда болалар аҳолининг 13 фоизинигина ташкил этади — бу ҳам рекорд даражадаги паст кўрсаткичдир.
Болалар сонининг қисқариши туғилиш даражасининг мунтазам пасайиб бориши билан боғлиқ. Япония ҳукумати уни кўтаришни миллий вазифа деб эълон қилган, аммо бу йўналишдаги ҳаракатлар ҳозирча самарасиз бўлмоқда.
Шу билан бирга, Японияда кексалар сони ошиб бормоқда. Статистикага кўра, Япониянинг 65 ёшдан юқори аҳолиси сони 34,8 миллион кишини ташкил этади, бу мамлакат бутун аҳолисининг 26,7 фоизи демакдир. Ушбу кўрсаткич ҳам рекорд даража ҳисобланади.