Австралия фуқароларини ИШИД сафига ёллаш тармоғига етакчилик қилган Нил Пракаш Ироқнинг Мосул шаҳрида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари зарбаси билан йўқ қилинди. Бу ҳақда Пракашни «Австралиянинг энг хавфли террорчиси» деб атаган Daily Telegraph маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
Экстремист Мосулга 29 апрель куни берилган ҳаво зарбаси натижасида ўлдирилди. Бу ҳақда АҚШ ҳукумати Австралия бош вазири Малкольм Тернбуллни хабардор қилган. Америкадаги расмий манбалар жангарининг йўқ қилиниши АҚШ ва бошқа қатор мамлакатларда уюштирилиши режалаштирилган терактлар олдини олишда ёрдам берганини таъкидламоқда.
Абу Холид ал-Камбодий номи билан ҳам таниқли бўлган Нил Пракаш тахминан 2013 йилда Мельбурнни тарк этиб, Сурияга йўл олганди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.