9 май, душанба куни камёб астрономик ҳодисани кузатиш мумкин бўлади: шу куни Меркурий Қуёш гардишини кесиб ўтади, дея хабар бермоқда Afisha Daily. Бундай воқеа ҳар юз йилда ўртача 13 марта содир бўлади.
Ердан туриб кузатганда Меркурий Қуёш гардиши бўйлаб силжиб бораётган кичкина қора нуқтача сифатида кўринади. Аммо буни оддий кўз билан кўриб бўлмайди, камида дурбин керак бўлади. Меркурийнинг ушбу «саёҳат»и Тошкент вақти билан 16:12 да бошланиб, 23:41 гача давом этади.
Меркурий Қуёш ва кузатув нуқтасининг айни ўртасида ҳаракатланишидан иборат астрономик ўтиш илк маротаба франциялик астроном Пьер Гассенди томонидан 1631 йил 7 ноябрда тавсифланган эди. Ҳодиса олимларга Меркурий гардишини ўлчаш ва Ердан Қуёшгача бўлган масофани баҳолаш имконини берган.