«Бавария» бош мураббийи Хосеп Гвардиола «Атлетико»га қарши (2:1) Европа Чемпионлар Лигаси 1/2 финал жавоб ўйинидан сўнг ўз фикрларини билдириб ўтди, деб хабар қилмоқда «Чемпионат».
«Ёмон ўйин бўлса, уйга бориб, яхшироқ ўйин намойиш қилса бўлар эди, деб ўйлайсан ва бундан афсусланасан. Бугун менинг ичимдан бундай ҳиссиёт ўтмади. Бугун 80 дақиқа ажойиб ўйин ўтказдик. Айнан шунинг учун ҳам ишлайман ва ўзгаришни истамайман. Ҳамма ҳар йили ғалаба қозонишимни кутади. Мен имкон қадар барча ишни қилдим, ‘Бавария’даги илк дақиқадан сўнггисигача ўзимни қурбон қилдим. Одамлар эса истаганини гапираверсин», – деди испаниялик мутахассис.
«‘Бавария’да ўтказган 3 йилимга афсусланмайман. Ўйинчиларнинг футболга бўлган муносабатини ўзгартиришга ҳаракат қилганимдан хурсандман. ‘Бавария’ ушбу таркиб ва менталитет билан буюк келажакка эга», – дея фикрига якун ясади Гвардиола.
Дастлабки ўйинда «Бавария» Мадридда 0:1 ҳисобида «Атлетико»га имкониятни бой берди. Жавоб ўйинида 2:1 ҳисобидаги ғалабага қарамай, сафарда ўтказиб юборилган гол туфайли мюнхенликлар ЕЧЛ турниридан чиқиб кетди.