Испаниянинг «Барселона» жамоаси ҳужумчиси Лионель Мессининг дастхати қўйилган футболкани совға тариқасида олган беш ёшли афғонистонлик болакай Муртазо Аҳмадийнинг оиласи «Толибон» жангарилари таҳдиди туфайли Покистонга кўчиб ўтди. Бу ҳақда, боланинг отаси Муҳаммад Алиф Аҳмадийнинг гувоҳлигига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Муртазо Месси футболкасининг полиэтилен пакетдан ясалган нусхасини кийиб юргани фотосуратларда қайд қилиниб, интернетда оммалашгач, аргентиналик футболчи унга ўз футболкасини тортиқ қилган эди. Шундан сўнг «Толибон» номидан таҳдид хатлари боланинг хонадонига тез-тез келиб туша бошлади.
«Хатларда нега болам исломий мактабда Қуръонни ўрганиш ўрнига футбол ўйнаб юргани таҳдид оҳангида сўралган эди, — деди Аҳмадий. — Шундан сўнг мен мол-мулкимни сотиб, Афғонистондан Кветтага кўчиб ўтдим».
Муҳаммад Аҳмадий толиблар унинг фарзандини ўғирлаб кетишидан чўчиганини тан олди.
Изоҳ (0)