Футбол бўйича Италия А сериясининг 36-турида Римнинг «Рома» клуби иродали ғалабани қўлга киритди. «Женоа» меҳмони бўлган Лучанно Спалетти жамоаси 3:2 ҳисобида муваффақият қозонди.
Беллашувнинг 6-дақиқасига келиб Муҳаммад Салох римлик футболчиларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, кейинчалик мезбонлар иккита гол киритишга муваффақ бўлди.
Учрашувнинг 59-дақиқасига келиб Спалетти майдонга «Рома» етакчиси Франческо Тоттини туширишга қарор қилди. 77-дақиқага келиб Тотти Де Россининг пасидан кейин ҳисобни тенглаштирган бўлса, асосий вақт якунига уч дақиқа қолганида Стефан Эль-Шаарави «Рома»га ғалаба келтирган голга муаллифлик қилди.
Қайд этиш керак, Тоттининг майдонга тушиши кетма-кет тўртинчи ўйинда «Рома»га муваффақият келтирди. У аввалига «Аталанта» билан ўйинда 1 та гол уриб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолган бўлса, кейинроқ «Торино» билан ўйинда дубл қайд этиб, «Рома»га 3 очко тақдим этди. «Наполи»га қарши марказий ўйинда эса, Тотти майдонга тушгачгина римликлар ғалаба голини нишонлади.
Шу тариқа Рим клуби очколари сонини 74 тага етказиб олди. 36-турнинг сўнгги ўйинида «Наполи» имкониятни бой берса, чемпионат якунига икки тур қолганида рақибидан очколар сони бўйича ортда қолишни бошлайди.
Италия А серияси 36-тур беллашуви 2 май, душанба
Изоҳ (0)