«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ва Гёте институти Тошкент филиалининг «Шум бола» болалар ва ёшлар учун III ўзбек ва немис кинолари фестивали 28 апрель—1 май кунлари Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги киносаройда, 3—5 май кунлари Фарғона шаҳридаги Театр ва концерт саройи ҳамда Санъат коллежи залида ташкил этилади. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 28 апрель куни соат 14:00 да Алишер Навоий номидаги киносаройда тадбир ташкилотчилари ва меҳмонлар иштирокида фестивалнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Отабек Мусаев ва Гёте институти директори Юлия Ханске сўзга чиқди.
Мазкур фестивалнинг аҳамиятли томони шундаки, унда германиялик киноижодкорлар томонидан яратилган бадиий маҳсулотлар билан бир қаторда ўзбек кинематографчиларининг ҳам ижод маҳсуллари намойиш этилади.
Жумладан, «Айиқча», «Очкўз хўроз», «Дониқишлоқ ҳангомалари», «Сариштали уй – фариштали уй», «Бор барака», «Жасур типратикон», «Бирлашган ўзар», «Оқ товуқ», «Широқ ҳақида афсона» ва «Соҳибжамол қўғирчоқ» мультфильмлари ҳар бир сеанслардан олдин намойиш этилиши кўзда тутилган.
Болалар ва ёшлар учун «Шум бола» III ўзбек ва немис кинолари фестивалининг дастури:
28 апрель14:30 – «Қарсилдоқ ва қирол»
29 апрель11:00 – «Рикко, Оскар ва самимий таом»14:30 – «Раффини қутқариш!»
30 апрель11:00 – «Шарпа овчилари»14:30 – «Виннетунинг ўғли»17:00 – «Менинг қизим Анне Франк»
1 май11:00 – «Клара ва айиқлар сири»14:30 – «Йўқолган ака»
Кинофестиваль доирасидаги барча намойишлар Алишер Навоий номидаги киносаройда бўлиб ўтади. Намойишларга кириш бепул. Немис тилидаги фильмлар русча титрлар билан кўрсатилади.
Изоҳ (0)