Англиянинг «Лестер» жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери, клуб ички чемпионат ғолиби бўлган тақдирда, бонус тариқасида қўшимча беш миллион фунт стерлингга эга бўлади. Бу ҳақда, The Daily Mail нашрига асосланиб, «Спорт Экспресс» хабар бермоқда.
Айтилишича, мутахассиснинг клуб билан имзолаган шартномасида юқори натижалар кўрсатилганида тақдим этиладиган молиявий рағбат кўзда тутилган. «Лестер» чемпионликни қўлга киритса, 18-қатордан юқори ҳар бир ўрин учун италиялик мураббий 100 минг фунт стерлингдан мукофот олади, бу пункт бўйича унинг бонуси 1,7 миллион фунт стерлингни ташкил этади. Қўшимча равишда биринчи ўрин ҳамда Чемпионлар Лигасига чиққанлик учун мукофот пули назарда тутилган.
Маълумот учун, «Лестер» Англия Премьер-Лигасининг жорий мавсуми якунланишига уч тур қолган бир пайтда иккинчи поғонада кетаётган «Тоттенхэм»дан етти очко устунлик билан биринчи ўринни сақлаб турибди. 36-турда «Манчестер Юнайтед» устидан меҳмонда ғалаба қозона олса, «Лестер» амалда чемпионликни расмийлаштиради.
Изоҳ (0)