АҚШ махсус хизматлари судья тақдим этган рухсатнома асосида исталган компьютердаги маълумотларга дахл қила олади. Қонунчиликка киритилиши лозим бўлган тегишли ўзгартишлар АҚШ Олий суди томонидан маъқулланди, деб хабар беради «Hi-Tech.Mail.ru».
«Hightech.fm» радиосининг тушунтиришича, илгари муроса судьялари ўз юрисдиксияси тарқаладиган ҳудуддаги компьютерларни ўрганишга рухсат бериши мумкин эди. Одатда бу бир ёки бир нечта округ демакдир. Аммо кибержиноятчилик ўзгармоқда, шундай экан, қонунчиликда янгиланишлар зарур, деб таъкидланади хабарномада.
Масала 2013 йилда кўтарилган бўлса ҳам, суд ўзгартишларни энди маъқуллади. Эндиликда ҳужжат Конгрессга тақдим этилди. 1 декабрга қадар қонунчилик органи ўзгартишларни қабул қилишдан бош тортмаса, у автоматик тарзда кучга киради.
Кўзда тутилаётган янги тартибга кўра, агарда жиноятчи шахсини яшираётган, яъни прокси-серверлардан, Tor’дан, анонимайзерлардан фойдаланаётган бўлса, судья компьютер базасига хакерлик усулида кириш ҳуқуқини беради. Ўзгартишлар нафақат АҚШ ҳудудидаги, балки дунёнинг ҳамма еридаги компьютерларни қамраб олади.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва фуқаролик жамияти фаоллари ўзгартишларнинг қабул қилинишига кескин қаршилик билдирмоқда. Уларга Google корпорацияси ҳамда бир қатор йирик IT-компаниялар қўшилди.
Улар мазкур янгилик махсус хизматларга хоҳлаган инсонини назорат қилиш имкониятини беришини эътироф этмоқда. Агар Конгресс ҳужжатни маъқулласа, ФҚБ ва Миллий хавфсизлик агентлиги амалда чекланмаган ҳуқуққа эга бўлади.
Изоҳ (0)