Amazon интернет-ретейлерининг чораклик ҳисоботида рекорд натижалар келтирилганидан сўнг компания капитализацияси 13 фоизга ёки 38,2 миллиард долларга ўсди. Бунинг шарофати билан компания асосчиси Жефф Безос тўрт соатдан камроқ вақт ичида 6 миллиард доллар ишлаб топди. Унинг бойлиги 60 миллиард долларга етди, деб хабар бермоқда «РБК».
Bloomberg агентлигининг энг бой инсонлар рўйхати акс этган Billionare Index онлайн-рейтингида Безос тўртинчи қаторга кўтарилди. У мексикалик телекоммуникация магнати Карлос Слимдан ўзиб кетди.
28 апрель куни Amazon 2016 йилнинг биринчи чораги учун ҳисоботини эълон қилди. Ҳисобот даврида ретейлер ўз тарихидаги энг юқори чораклик соф даромадга эга бўлди: уч ой ичида бу кўрсаткич 513 миллион долларга етиб, таҳлилчиларнинг башоратидан икки баробарга ошиб кетди.
Компаниянинг шу даврдаги тушуми 28 фоизга ўсиб, 29,1 миллиард долларни ташкил қилди.
Amazon акциялари сотувга қўйилган NASDAQ биржасининг ёпилишидан сўнг ўз ҳисоботини эълон қилди. Рекорд натижалар қайд қилингани маълум бўлгач, муддати узайтирилган, 3 соат 45 дақиқа давом этган сотувларда акциялар қиймати 13 фоизга кўтарилди. 28 апрель харидлари ёпилишида компаниянинг битта қимматбаҳо қоғози нархи 602 долларга етди. Компаниянинг умумий қиймати 283 миллиард долларга баҳоланди. 29 апрелда ўсиш давом этди — қимматбаҳо қоғозлар 11 фоиз қимматроққа нархланди, компаниянинг қиймати эса 315 миллиард долларга етди.
Изоҳ (0)