Ўзбекистонда иш стажи тўлиқ бўлмаган ҳолатларда пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган минимал стаж беш йилдан етти йилга оширилди. Бу ҳақда UzDaily хабар беради.
Президент Ислом Каримов 25 апрель куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.
Қонун 30 март куни Олий Мажлиснинг қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди, 31 март куни Сенат томонидан маъқулланди. Ҳужжат 26 апрелдан бошлаб кучга кирди.
Ҳужжат «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритди. Қонунга кўра, Ўзбекистонда пенсия тайинлаш учун минимал стаж тўлиқсиз иш стажи билан боғлиқ ҳолатларда беш йилдан етти йилгача узайтирилди.
Қонунга мувофиқ, етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсия мавжуд стажга мутаносиб равишда тайинланади. Ушбу ўзгартириш 2016 йилнинг 1 июлидан кучга киради.
Ҳозирда пенсияга чиқиш учун етарлича минимал иш стажи эркакларда 25, аёлларда 20 йилни ташкил этади. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, эркаклар 60, аёллар 55 ёшида пенсияга чиқиши мумкин.
Изоҳ (0)