Норвегия ҳарбий-ҳаво кучлари раҳбарияти иккита F-16 Fighting Falcon қирувчи самолётларининг ўқув парвозини бекор қилиб, шифокорларнинг ёрдам кўрсатиш ҳақидаги илтимосини қондирди, дея хабар бермоқда N+1 нашри.
2016 йил 4 апрель куни Бодё шаҳар касалхонасига нафас етишмовчилигидан азият чекаётган бемор олиб келинган, унга зудлик билан ёрдам кўрсатиш учун экстракорпорал мембранали оксигенация қурилмаси зарур бўлган. Бемор ҳаётини сақлаб қолишда Норвегия ҳарбий-ҳаво кучлари иштирок этди.
Зарур қурилма Бодёдан топилмаган. Энг яқин қурилма Тронхейм шаҳрида — 470 километр жанубда бўлган. Оғир аҳволдаги беморни Тронхеймга етказиш учун 10 соатча вақт керак бўларди ва бу унинг ҳаёти учун хавфли эди. Оқибатда шифокорлар ҳарбийларга мурожаат этишга қарор қилган.
Ёрдам ҳақидаги илтимосга Тронхейм яқинида жойлашган авиабаза жавоб берган. Авиабазада F-16 қирувчи самолётлари ўқув парвозига шайланаётган бўлган. Ҳодисаларнинг бахтли кетма-кетлиги сабаб, самолётлардан бири юк контейнери билан жиҳозланган эди.
Подполковник Бёрге Клеппенинг сўзларига кўра, F-16 самолётлари одатда транспорт контейнерларини олиб юрмайди. Шифокорларнинг илтимоси бир неча дақиқа кеч келганида эди, самолётлар учиб кетган бўларди.
Ёрдам ҳақидаги илтимосни қабул қилган ҳарбийлар қурилмани Тронхеймдаги касалхонадан олиб, зудлик билан Бодёга етказиб берган. Қонни оксигенация қилиш қурилмаси шифокорлар илтимоси қабул қилинганидан 40 дақиқа ўтиб етказиб берилган, самолёт бир шаҳардан бошқасига етиб бориши учун 25 дақиқа керак бўлган.
Катта эҳтимол билан, F-16 қирувчи самолёти ўз тарихида илк бор бу каби операцияда иштирок этди, умуман олганда, ҳарбий техника инсон ҳаётини сақлаб қолишда тез-тез қатнашиб туради.
Масалан, ўтган йилнинг декабрь ойи бошида АҚШнинг «Зумвалт» эсминеци синов сузиши вақтида «Донни Бой» балиқчи кемаси капитанига — кўкрагида кучли оғриқ пайдо бўлган шахсга ёрдам кўрсатган эди. Эсминец экипажи капитанни бортга олиб, унга биринчи ёрдам кўрсатган ва АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати вертолётини чақириб, шифохонага жўнатган эди.
Изоҳ (0)