Европа футбол уюшмалари иттифоқи (УЕФА) Англиянинг «Ливерпуль» клубига нисбатан интизомий иш очди, деб хабар беради «Uff.uz».
Хабар қилинишича, «Ливерпуль» мухлислари Дортмунднинг «Боруссия» жамоасига қарши (4:3) Европа Лигаси чорак финал жавоб ўйинида пиротехника воситаларини стадионда ишлатгани учун УЕФА тартиб-интизом регламентининг 16 (2) банди бўйича Мерсисайд клубига нисбатан иш очилди.
The Guardian нашрининг маълум қилишича, ушбу ҳолат УЕФАнинг 19 май куни бўлиб ўтадиган тартиб-интизом бўйича комиссия кенгашида муҳокама қиланади. Турнир финали эса 18 май куни Базель шаҳрида бўлиб ўтади.
Аввалроқ УЕФА «Боруссия Дортмунд» – «Ливерпуль» (1:1) ўртасида бўлиб ўтган дастлабки ўйинда дортмундлик мухлислар стадион йўлакларини ёпиб қўйгани учун «Боруссия»га, мерсисайдлик мухлислар пиротехника воситаларини ишлатгани ва турли буюмларни стадионга улоқтиргани учун «Ливерпуль»га нисбатан интизомий иш очган эди.
Эслатиб ўтамиз, мерсисайдлик мухлислар «Манчестер Юнайтед»га қарши (1:1) Европа Лигаси 1/8 финал жавоб ўйинида тақиқланган қўшиқлар куйлагани, ортиқча предметларни майдонга улоқтириб, пиротехника воситаларидан фойдалангани ва оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаргани учун УЕФА томонидан «Ливерпуль»га эътироз билдирилган эди.
Изоҳ (0)