2016 йилда Ўзбекистонда ҳўл мева ва сабзавот маҳсулотлари сотиб олишга давлат буюртмаси ҳажми 4,077 миллион тоннани ташкил этади, шу жумладан, фермер хўжаликларидан 2,545 миллион тонна, деҳқончилик хўжаликларидан эса 1,532 миллион тонна маҳсулот харид қилинади. Бу Ўзбекистон Президентининг 12 апрелдаги «Мева-сабзавот, картошка ва полиз экинларидан фойдаланиш ва харид қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган, деб хабар беради «Газета.uz».
Жорий йилда сабзавот маҳсулотлари 2,317 миллион тонна, мевалар 830 минг тонна, узум 545 минг тонна, полиз экинлари 283 минг тонна, картошка 102 минг тонна миқдорида харид қилинади. Маҳсулотнинг йил бошидаги қолдиғи (455,8 минг тонна) инобатга олинса, унинг умумий ҳажми 4,532 миллион тоннага етади.
Режага биноан, маҳсулот умумий ҳажмининг 2,217 миллион тонналик қисми «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси корхоналарида қайта ишлашга юборилади, 360 минг тоннаси «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси корхоналарига қиш-баҳор мавсуми учун захира қилишга йўлланади, 1,477 миллион тоннадан ортиқроқ маҳсулот эса «Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси томонидан экспорт қилинади. Йил якунида маҳсулот қолдиғи 477,9 минг тоннани ташкил этиши кутилмоқда.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, ўтган йили Ўзбекистонда 10,128 миллион тоннадан кўпроқ сабзавот, 2,746 миллион тонна мева ва реза мевалар, 2,696 миллион тонна картошка, 1,853 миллион тонна полиз экинлари ва 1,579 миллион тонна узум етиштирилган.
Илгарироқ Ўзбекистонда 2016 йил ҳосилидан бошлаб ҳўл мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз экинлари ва узум харидига давлат буюртмаси жорий этилиши маълум қилинганди. Ҳўл меванинг саноат қайта ишлаб чиқариши мақсадида харид қилиниши жорий йилнинг февраль ойида ташкил этилган «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси томонидан, маҳсулотни қиш-баҳор мавсуми учун сақлаш тадбирлари «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси томонидан, экспорти эса яқинда таъсис этилган«Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси томонидан амалга оширилади.
Изоҳ (0)