22 ёшли ўзбекистонлик боксчи Қудратилло Абдуқаҳҳоров Селангор (Малайзия)даги One World Hotel аренасида Бутунжаҳон бокс федерацияси (WBF) ҳамда ёшлар ўртасида Бутунжаҳон профессионал бокс федерацияси (WPBF Youth)нинг чемпионлик камарлари учун 22 ёшли мексикалик Хуан «Торнадо» Ороскога қарши рингга кўтарилди, деб хабар беради «Sports.uz».
10 раундлик жангда ўзбекистонлик боксчи рақибидан устун келиб, иккита чемпионлик камарини қўлга киритди.
Қудратилло профессионал боксдаги дебют баҳсини 2015 йилнинг 18 октябрида бошлаган ва бу жангга қадар 5 та жанг ўтказиб, барчасида нокаут билан ғалаба қозонган. Қудратилло Абдуқаҳҳоров айни дамда ўзбекистонлик боксчилар рейтингида Баҳодир Мамажонов, Беҳзод Набиев ва Ўктамжон Раҳмоновдан сўнг тўртинчи поғонада турибди.
Қайд этиш жоиз, Хуан «Торнадо» Ороско ушбу жангга қадар профессионал боксда 13 марта рингга кўтарилган ва 9 тасида (8 тасида нокаут билан) ғалаба қозониб, 2 та жангда мағлуб бўлган. Яна 2 тасида дуранг қайд этган.
Маълумот учун, WPBF профессионал боксда катталиги бўйича олтинчи ташкилот ҳисобланади. Мазкур ташкилот рўйхатдан ўтказиш ва профессионал бокс бўйича халқаро турнирлар ташкил қилиш ҳуқуқига эга.
Изоҳ (0)